Ёшлар келажак бунёдкори!

8

Ёшларимизни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, фуқаролик позицияси, Ватанни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларни ошириш учун мунтазам амалий ишлар ва тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти Қува туманида ҳам ёшларни ватанпарлик руҳида тарбиялаш, ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Ёшлар келажак бунёдкори!” шиори остида тадбирлар ўтказилди.

Ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ Фарғона гарнизони Қува туманида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, ҳамкорликдаги барча куч тузилмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Ёшлар агентлиги туман бўлими, туман маданият бўлими, спорт бўлими ҳамда туман бандликка кўмаклашиш бўлими қатнашди.

Ҳарбий техника ва қурол-аслахалар кўргазмаси, қўл жанги чиқишлари, хизмат итларининг турли намойишлари, шунингдек, туман мактабгача таълим бўлими, Ватанпарвар ташкилоти туман бўлими, туман кутубхонасининг кўргазмали бурчаклари иштирокчи ёшларда қизиқиш ва иштиёқ уйғотди.

Бундан ташқари, Қақир маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи спортчи ёшлар иштирокида спортнинг футбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Учрашувда 120 нафар уюшмаган ёшлар тадбиркорликни бошлашдаги муаммо ва камчиликлар, банклардан мақсадли кредит олиш масалалари, ўз мутаҳасислиги бўйича ишлаш истаги, спорт соҳасини ривожлантиришдаги таклифлар ва бошқа мурожаатлар билан фаол иштирок этдилар.

Халқ ва армия якдил тамойили остида ўтказилган ушбу тадбирда 500 дан ортиқ ёшлар иштирок этди. Бу каби тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда

 

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати