Шарқий ҳарбий округда яна бир нуфузли мусобақа бошланди

7

Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмларидан бирида “Мен ғолиб” шиори остида Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўтказилаётган “Энг илғор жанговар взвод” кўрик-танловининг учинчи босқичи очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мусобақанинг ўтказилишини баҳолаш учун тайинланган Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, фахрийлар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Даставвал меҳмонлар ҳарбий қисм хотира майдонида ҳарбийча ҳурмат бажо келтириш маросимида иштирок этдилар.

Шундан сўнг ҳарбий қисм командири ҳарбий округ қўшинлари қўмондонига жанговар взводнинг саф тортгани ва кўрик-танловга тайёр эканлиги борасида билдирув берди.

Тантанали мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этаётган меҳмонлар ўз чиқишларида взвод шахсий таркибига омадлар ёр бўлишини таъкидлаб ўтишди.

Ҳарбий қисм Фахрий қоровул взводи шахсий таркиби тадбир иштирокчиларига ўзларининг чиқишларини намойиш қилди.

Тадбир давомида меҳмонлар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар ва юрт посбонларининг жанговар чиқишлари-ю, взводнинг моддий ўқув базаси ва яратилган шароитларидан мамнунлигини билдиришди.

Кўтаринки руҳда ўтказилган очилиш маросимидан сўнг “Мен ғолиб” шиори остида Мудофаа вазирлиги миқёсида “Энг илғор жанговар взвод” кўрик-танловининг учинчи босқичи бошланди.

 

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати