Рағбатга муносиб юрт ўғлонлари

1

 

Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, Шарқий ҳарбий округ бошқарув аппарати ҳамда ҳарбий қисм ва муассасаларда юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган ҳарбий хизматчиларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулла Бузруков, қўмондон ўринбосарлари, масъул офицерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Видеоконфренц-алоқа тарзида ўтказилган мазкур тадбирда барча ҳарбий қисмлар иштироки ҳам таъминланди.

Дастлаб давлатимиз мадҳияси янгради.

Шундан сўнг мудофаа вазири сўзга чиқиб, 2020 йилда қўшинларда амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан таништирди.

Сарҳисоб қиладиган бўлсак, бу йил жуда кўп ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Боиси, пандемия ва юртимизда рўй берган фавқулодда ҳолатларни бартараф этишда юрт посбонлари улкан жасорат намуналарини кўрсатди ва кўрсатмоқда.
Мукофотларни ўз эгаларига топшираётган мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов 2021 йил ҳам қўшинларда «Жанговар взвод йили» бўлишини эълон қилди ва жумладан шундай деди:

– Жанговар тайёргарлик қўшиннинг куч-қудратини, салоҳиятини кўрсатиб беради. Биз ўтиб бораётган йилда ўз профессионаллигимизни юқори босқичга кўтардик. Буни турли мусобақалар ва халқаро армия ўйинларида исботлай олдик. Энди бундан ҳам кўпроқ тер тўкишимиз, ўз устимизда янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Бизга фақат аъло ва яхши баҳолар ярашади. Ахир Ватанни уч баҳога ҳимоя қилиб бўлмайди!

Тадбирда видеоконфренц-алоқа орқали округ қўшинлари қўмондонининг қисқа ахбороти ҳам тингланди.

Шундан сўнг, округ қўшинларида, йил давомида ўзининг шахсий намунаси билан ўрнак бўлиб келган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни эсдалик совғалари ва кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати