Бир умр урушни лаънатлайман

1
Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан

Ҳар куни нурафшон тонгга пешвоз чиқарканмиз, қуёш сайри – унинг чиқиши ва ботишини одатдаги ҳолдек қабул қиламиз: қуёш чиқдими, у ботади ва эртага яна пайдо бўлади. Урушни кўрган одамлар эса…қуёш осмонда осилиб қолган эди, деб эслашади.

Ҳамма нарса қоришиб кетган, кеча ва кундуз, йил фаслларининг фарқи билинмай қолган пайтда, эҳтимол, қуёшнинг музаффарлиги ва боқийлиги ҳам омонат туюлиб қолгандир. Айтишларича, қиёмат бошланганининг сўнгги белгиси – қуёш ботган жойидан чиқар экан. Ярим қиёмат ҳисобланган урушда қуёш ҳаракатсиз туриб қолган бўлса ҳам ажаб эмас – бу ҳар сония сўнгги нафасини кутиб яшаган одамнинг тасаввури.

Ҳа, коинот сарвари – қуёшки хаёлотда чалкашиб кетган машъум кунларда қанчалаб хонадонлар ўз офтобларидан айрилиб, зулмат ичида қолди. Энди эр етган, яшашга шахдам киришган миллионлаб йигитлар ҳаёт-мамот олишувининг қурбони бўлиб кетдилар. Инсоният ўнгланмас зарбага учради.

Гарчи ажал майдонларидан минглаб чақирим йироқда бўлса-да, бизнинг хилват тоғ қишлоғимизга ҳам уруш суронлари етиб борган эди. Мен у кунларни кўрмаганман, бироқ раҳматлик онажоним билан унинг сўнгги кунигача уруш даҳшатини ҳис этиб яшадим. Ва бу ҳис бир умр мени тарк этмаса керак.

Ёз кунларининг бирида “Уруш бошланибди, гирмон бостириб келибди” деган миш-миш тарқалди. Одамлар ҳали гап нимадалигини чуқур тушунмасдилар. Фақат дастлабки “қора хат”лар келиб етгачгина, бу офатнинг бегуноҳ инсонлар ҳаётига нақадар завол олиб келганини англай бошлашди.

Тонгда ёки куннинг исталган бир пайтида (“қора хат” қўлга теккан чоғда) қайси бир хонадондан тоғларни тешиб юборгудек бўлиб “Дод!” деган чинқириқ кўтариларди, шунда қишлоқ аҳли яна бир йигит умри хазон бўлганини биларди. Уруш ўпқондек йигитларни домига торта бошлади. Ана шу кўргулик онамларнинг хонадонини ҳам четлаб ўтмади. Ойдек тўлишиб, камолга етган Олимқулга ҳам чақирув қоғози келди.

Ўша кунлар ҳақидаги хотираларни эсласа, онамнинг гапиришга мажоли етмай қоларди. Йигирма беш – ўттиз йиллар ўтса ҳам, бағрини куйдириб ўтган олов ўчмаган ёки ўтнинг тафти сўнмаганди. Айтиб беришга қистаб, хархаша қилаверсам, бир чоғланар, яна бардоши етмас, “Қўй, нима қиласан ўшаларни эслаб” деганча лаблари титраб, йиғлаб юборарди.

Онамнинг бағридаги сувайдо битмай, дунёдан куйиб ўтиб кетди. У укасини жуда яхши кўрарди. Етти йилликни яхши битириб, саводсизликни тугатиш курсларида ўқитувчилик қила бошлаган Олимқул кўпчиликнинг ҳавасини келтирарди. “Тоғанг баланд бўйли, ёноқлари анордек, кенг елкали йигит эди”, деб эслашарди қишлоқдошлар. Бироқ бўҳрон одам ажратиб ўтирмас, ўрмонга ўт кетган, ҳўл ҳам, қуруқ ҳам баравар ёнарди.

Ўшанда беш нафар тенгдошга баравар чақирув қоғози келганди. Курьердан думи қирқилган бир варақ қоғозни қабул қилиб олишар экан, йигитлар эртага, келажакда уларни нима кутаётганини ҳис этишмасди. Фақат ўзларининг йўли узоққа, жуда узоққа, бегона юртларга тушишини билишарди. Балки кўнгилда “Бизлар боргунча ҳаммаси тугаб, яраш-яраш бўлиб кетса-я” дегандек илинж ҳам бўлгандир. Хуллас, чекка қишлоқда улғайган йигитлар бу шўришни анграйиб, гарангтоб қабул қилганлари аниқ, чунки инсоният бошига тушган бу кўргуликнинг чинакам кўламини катта-катта сиёсатдонлар ҳам дастлаб тўла тасаввур қила олмагани тарихдан маълум.

Ҳарбийга чақирилган йигитлар бир-биридан ажрала олмай қолишди. Юрак қизишар, кўнгил куяр, одам ўзини қўйишга жой топа олмас эди. Куни билан бирга бўлишар, гоҳ уларникига, гоҳ буларникига кечгача гаплашиб ўтиришар, фақат жиндек мизғиб олиш учун уйларига қадам қўйишарди. Кечанинг қай палласи бўлмасин, оналари ухламай, уларнинг йўлини пойлаб ўтирарди. Ҳаммаси навниҳол, мўйлаби энди сабза урган, гўшанга кўрмаган йигитчалар эди.

Ниҳоят, охирги оқшомнинг офтоби ботди. Эрталаб азон билан йигитлар йўлга чиқади, уларни райондан келган махсус вакил кузатиб боради.

Онам айтиб берардиларки, ўша кеча тонггача ҳеч ким мижжа қоқмай, Олимқулнинг атрофида гирдикапалак бўлиб чиққан. Бундай илтифотдан табиатан тортинчоқ, камсуқум бўлган йигит хижолат бўлар, атрофида нима рўй бераётганини кўпам тушунмасди. Айниқса, она ҳаддан ташқари “ўлдим-куйдим” эди. Уч қизи қаторида ёлғиз ўғли бўлганидан момом тоғамни еру кўкка ишонмас экан. У вакил тайинлаган иссиқ кийим-бош ва баъзи егуликларнинг бекаму кўстлигини текшириб кўрар, халтадан олиб, яна халтага жойлар, қўли бўшаса, нуридийдасининг қаршисида ўтириб, унга сўзсиз термилиб қоларди. Иложи борича йўл кетаётган, азим сафарга чиққан ўғлига далда бериш, унинг кўнглини чўктирмасликка интилса ҳам, тизгинсиз ҳаяжон ичдан отилиб чиқаверар, ўзининг мислсиз изтиробини жиловлай олмасди, уйнинг ортига ўтиб, овозсиз ўкраб-ўкраб йиғлаб оларди.

Тун яримлашгач, парвонадек ўзини ҳар ёққа урган онаизорнинг ҳаракатлари тийилди. У чарчадими ёки бу жонҳалаклигининг бефойдалигини сездими, тинчиб қолди. Ўғлининг пинжига тиқилганча узоқ, то хўрозлар қичқиргунча ўтирди.

Ота эркаклик ғурури билан ўзини босиб турса-да, унинг ҳам оғир ғам юки остида қолганини тушуниш қийин эмасди. Хайрлашиш чоғида ўғлини бағрига босиб, бор овози билан ўкраб йиғлаб юборди. Бунчалигини кутмаган аёллар тамом тош қотиб қолишди. Ана шундай аччиқ ва аламли кўз ёшлари уммони ичида нуридийдалари, жигарбандлари билан хайрлашди.

Уруш ҳамма нарсани ўз измига солганди. Колхознинг тартиблари фронт даҳшатларидан кам эмасди. Жамоанинг бошида турганларга чекланмаган ҳуқуқ берилган, у бечора меҳнаткашни истаган оҳангига йўрғалатарди. Ҳамма куч, имконият фронтга йўналтирилган, одамларнинг иссиқ кийимидан тортиб халтасидаги бир кафт туршагигача ана шу аждаҳо комига тортиб кетганди. Йўғон чўзиладиган, ингичка узиладиган ана шу бўҳронга дош бера олмаганлар бирин-кетин “узила” бошлашди. Энг аввал мушфиқ она бу синовга дош бера олмади.

Онам шундай эслаганди:

– Укам жўнаб кетгандан кейин бир ёз ўтди. Йўлдан, урушнинг ичидан хатлари келиб турди. Онам хатни эмас, фарзандининг ўзини кутарди. Йўл қарамаган, дарвозадан биров кириб келишини кутмаган куни йўқ эди. Пишиқчилик ўтгач, ётиб қолди. Аҳволи оғирлашиб, мадордан кетиб борди. Фақат тилида “Олимқул, Олимқул, қачон келасан?” деган сўзлар айланарди. Силласи қуриб қолганда ҳам фақат “Олимқул” дея оларди. Охири бунга ҳам мажоли етмай қолди, бироқ жони узилмас, кимнидир сўнгги нафасигача кутарди, кимни кутаётгани аниқ эди. Вужудда тириклик аломатлари барҳам топган, лабига пахта билан сув томизиб турилади. Шу алпозда ўн кунлар тилсиз ётди.

Бир куни ҳамсоялардан бири ўктамлик билан шундай деди:

– Опа, кўп интиқ бўлмай, йўлингиздан қолманг, Олимқул ҳам келаётган экан, газадан ошибди…

Бу бемаврид гапдан тўпланганлар лаб тишлаб қолишди. Беморнинг қулоғига ҳар бир товуш ўқдек ўрнашган эканми, инқиллаб кўзини очди, бошини буриб эшикка, кимдир кириб келиши мумкин бўлган жойга тикилиб қолди.

Кампир шу ҳолда, киприк қоқмай, кечаю кундуз кўзини юммай, бир ҳафта ётади. Ҳамма онанинг боласи дийдорини кўришни қанчалик истаганини тушуниб турса-да, ожиз эди. Онаизор тирикликдаги охирги тилагига эриша олмай, омонатини топширади. Жони танасини тарк этганда ҳам кўзи очиқ эди, шу кўйи кетди.

…Онамнинг ҳикоялари ҳар доим дардли бўларди. Айниқса, тенгдошлари ичида сарвари, гапга чечан, ишда дадил йигит бўлган Олимқул ҳақидагилар.. Етти йиллик мактабни тугатгач, яхши ўқиганлиги учун ўқитувчилик қилган, саводсизликни тугатиш гуруҳларида дарс берган экан. Бу ўша пайтда анча кўзга ташланадиган ютуқ бўлган. Биринчи маош олиб келганида ота-онаси, сингиллари роса хурсанд бўлишган, ҳамсояларга ош тарқатишган. Яхши ният билан “янги рўзғоримга ишлатаман”, деб бир жуфт чинни тарелка сотиб олибди. Афсуски, эзгу ниятлар ушалмаган армонга айланди, урушдан қайтмади. Чинни идишлар эса жонсиз ёдгор бўлиб қолди. Уларнинг бири тўполон йиллари йўқолган, иккинчисини онам кўз қорачиғидек асраб юрарди. Гирдига икки қатор кўк чизиқ тортилган, одмигина буюм эди. Нима бўлди-ю, бир куни токчадан тушиб кетиб синди. Шунда онам чинни парчаларини бағрига босиб, узоқ йиғлади. Унутилган дардлари янгиланиб, хомуш бўлиб қолди.

Онам бу хотираларни бўзлаб, жигари тўкилиб сўйлаб берар, урушни тинмай лаънатларди. Тоғдек укасидан тирик айрилган (ундан “қорахат” ҳам келмаган) инсон фақат урушдан эмас, бирор совуқ хабардан ҳам зада бўлиб қолган эди. Бехос қағиллаган қарғани қувиб солар, радиодан бирор фалокатни эшитса, уззукун безовта бўлиб юрарди. Ҳарбий комиссариатдан менга чақирув қоғози келса, уйга кириб олиб роса йиғлар, кечалари бошимнинг устида мижжа қоқмай тонг оттирар эди.

Уруш онамдек миллионлаб одамларнинг ҳаётини издан чиқариб юборганди. Унинг касри, заҳри ҳамон безовта қилади.

Биз ҳам новдаси қирқилган дарахтдек ўксик ўсдик. Баъзан турмуш икир-чикирларидан қовурғамиз қайишган пайтларда хаёл узоқ-узоқларга олиб кетади. Тоғам ўша ёзда катта шаҳарга ўқишга кетмоқчи экан, афсуски, уруш аждаҳоси уни ютиб юборди. Ўсмирлигидаёқ элнинг назарига тушган, қишлоқда маҳаллий ёшлардан биринчи муаллим бўлган тоғам Олимқул Соҳибовни эслайман. У ҳаёт бўлганида, ўқиб катта олим бўларди, балки арбоб бўларди. Шубҳасиз, кўплаб шогирдлар тарбияларди. Ҳеч бўлмаса, ақлли маслаҳати, тўғри йўл-йўриғи билан қўллаб юборарди. Баъзан турмуш ташвишларидан, тазйиқлардан қовурғам қийшайганда уруш машинасига ем бўлган тоғамни эслайман. Эҳ, ортимда шундай тоғим турганида эди… У энг камида жамиятнинг бир тенг ҳуқуқли фуқароси сифатида яшаганида ҳам, шоир айтганидек, “тириклик иморатига бир дона ғишт қўйгани”да ҳам, бу дунё янада ободроқ, янада мукаммалроқ бўлармиди?!

Кўнгилнинг бу кечинмалари бот-бот безовта қилганда, тинч-осуда кунларнинг шукронасини айтиб, шу сийлов учун астойдил хизмат қилиш истаги дилга таскин беради.

 

 

ЎзА маълумотлари асосида тайёрланди

Сайтимизни кузатиб боринг.
Шарқий ҳарбий округ Матбуот хизмати